🔴Ўзбекистон ҳарбий авиациясини янгиламоқда ✔️Илк C-390 самолёти намойиш қилинди Бразилиянинг Embraer компанияси Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучлари учун ишлаб чиқарилган биринчи C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётини намойиш қилди. Компания тарқатган суратларда Ўзбекистон белгиси туширилган, UK 39010 борт рақамли самолётни кўриш мумкин. Ўзбекистон ушбу русумдаги самолётдан фойдаланадиган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлади. Мамлакат жами иккита C-390 буюртма қилган. Биринчи самолётни 2026 йил охиригача етказиб бериш режалаштирилган, харид қиймати эса очиқланмаган. C-390 самолёти 26 тоннагача юк кўтариши ва соатига қарийб 870 километр тезликда учиши мумкин. У ҳарбийлар ва техникани ташиш, ҳаводан юк тушириш, беморларни эвакуация қилиш, қидирув-қутқарув, ёнғин ўчириш ва гуманитар операцияларда ишлатилади. Самолёт вақтинчалик ва асфальтланмаган учиш-қўниш йўлакларидан ҳам фойдалана олади. Ўзбекистонда ҳозир Airbus C295 енгил транспорт самолётлари, шунингдек, совет даврида ишлаб чиқарилган Ан-26, Ан-12 ва Ил-76 самолётлари мавжуд. Янги C-390 юк кўтариш қуввати бўйича C295 билан Ил-76 ўртасидаги бўшлиқни тўлдиради. Ўзбекистонга ҳавода ёқилғи қуйиш ускунасисиз, соф транспорт мақсадидаги C-390 тури етказиб берилади. Бу Ўзбекистон ҳарбий авиациясидаги ягона янги харид эмас. 2026 йил август ойида мамлакат Хитойнинг J-10CE кўп вазифали қирувчи самолётларини қабул қилгани расман маълум бўлди. Аввалроқ бу самолётлар намойиш қилинганди. Шу тариқа Ўзбекистон Покистондан кейин J-10CE’дан фойдаланаётган иккинчи хорижий давлатга айланди. Бундан ташқари, 2025 йил ноябрда «Ўзтехтрейд» Airbus Helicopters компанияси билан Flexrotor учувчисиз учиш аппаратларини харид қилиш бўйича шартнома имзолаган. Вертикал кўтарилиб-қўнадиган ушбу дронлар разведка, кузатув ва маълумот тўплаш вазифалари учун мўлжалланган. Буюртма қилинган аппаратлар сони ва шартнома қиймати очиқланмаган. Сўнгги харидлар Ўзбекистон ҳарбий авиацияси анъанавий совет ва Россия техникасига қарамликни камайтириб, бир вақтнинг ўзида Хитой, Бразилия ва Европа ишлаб чиқарувчилари техникаси билан тўлдирилаётганини кўрсатади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X