🔴Қирғизистонда миллиард долларлик лойиҳалар қилаётган вьетнамлик инвестор Ўзбекистонга қизиқиш билдирди Президент Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни Вьетнамнинг ROX Group компанияси асосчиси Чан Ань Туанни қабул қилди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига қараганда учрашувда Ўзбекистонда шаҳарсозлик, саноат инфратузилмаси, қайта тикланувчи энергетика, геология, молия ва туризм соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. ROX Group 1996 йилда ташкил этилган ва Вьетнамдаги йирик кўп тармоқли хусусий инвестиция гуруҳларидан бири ҳисобланади. У кўчмас мулк, саноат парклари, энергетика, банк, меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритади. Компания маълумотларига кўра, ROX Group портфелида 14 та саноат парки, 3 минг гектардан зиёд саноат ҳудуди, 300 дан ортиқ шаҳарсозлик ва турар жой лойиҳаси, 14 та меҳмонхона ва 3 та қуёш электр станцияси бор. Компания асосчиси Чан Ань Туан Вьетнамнинг таниқли тадбиркорларидан бири. У бизнес фаолиятини Россияда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидан бошлаган. Кейин Вьетнамга қайтиб, 1996 йилда саноат корхонасига асос солган. Кейинчалик бизнес саноат парклари, кўчмас мулк, молия ва энергетика соҳаларига кенгайган. ROX Group Марказий Осиё бозорига ҳам фаол кириб келган. Компания Қирғизистонда Бишкекдаги 53,5 гектарлик Royal Central Park шаҳарсозлик лойиҳаси ҳамда Иссиқкўл ҳудудида йирик қуёш электр станцияси қурилишида иштирок этмоқда. Ушбу энергетика лойиҳасининг режалаштирилган қуввати 1 900 МВт, умумий инвестиция қиймати эса тахминан 1,4 млрд доллар деб баҳоланган. Лойиҳанинг биринчи 175 МВтлик босқичи 2026 йилда ишга туширилган. Энди ROX Group Ўзбекистонда ҳам йирик лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда. Учрашув якунида жорий ва янги лойиҳаларни махсус «йўл харитаси» асосида жадаллаштириш бўйича келишувга эришилган. Ҳозирча ROX Group Ўзбекистонда айнан қайси объектларга ва қанча маблағ киритиши очиқланмаган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X