Хитойдан Эронга илк контейнер поезди Ўзбекистон орқали йўлга чиқди Хитойдан Эронга Ўзбекистон ҳудуди орқали биринчи контейнер поезди йўлга чиқди. 55 та контейнердан иборат таркиб Хитой–Қозоғистон–Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Поезд Хитойда шакллантирилган бўлиб, унда автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, истеъмол товарлари ва бошқа юклар бор. Таркиб Хитойдан Қозоғистонга Хоргос–Олтинкўл чегара пункти орқали кирган. 7 сентябрь куни Олтинкўл станциясидан йўлга чиққан поезд кейин Келес орқали Ўзбекистон ҳудудига киради. Шундан сўнг Хўжадавлат станцияси орқали Туркманистонга, Сарахс чегара пункти орқали эса Эронга ўтади. Йўналишнинг умумий масофаси 6 минг километрдан зиёд. Юкларни Эронга 14–16 кунда етказиб бериш режалаштирилган. «Ўзтемирйўлконтейнер» маълумотига кўра, мазкур қатнов Хитой–Марказий Осиё–Эрон транспорт йўлагининг имкониятларини амалда синаб кўришга хизмат қилади. Келгусида ушбу йўналишда контейнер поездлари қатновини мунтазам йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу йўналишнинг ўзи мутлақо янги эмас. Хитойдан Эронга Марказий Осиё орқали темир йўл юк ташувлари аввал ҳам амалга оширилган. Янги рейснинг асосий фарқи — Ўзбекистоннинг ушбу йўналишга қўшилгани ва Хитойдан Эронга контейнер юкларини Ўзбекистон орқали ташиш йўлга қўйилаётганидир. Сўнгги йилларда Хитой Марказий Осиё орқали ўтадиган қуруқлик транспорт йўлакларини фаол ривожлантирмоқда. Бу йўналишлар денгиз орқали ташувларга муқобил бўлиб, юкларни қисқароқ муддатда етказиш имконини беради. Ўзбекистон учун янги қатновнинг асосий аҳамияти — транзит салоҳиятининг ошишида. Агар бу йўналишда поездлар мунтазам қатнай бошласа, Ўзбекистон орқали контейнер ташувлари кўпайиши, логистика хизматларига талаб ортиши ва мамлакатнинг Хитой ҳамда Яқин Шарқ ўртасидаги транспорт боғловчиси сифатидаги ўрни кучайиши мумкин. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X