Ўзбекистон электротехника экспортини 5 млрд долларга етказмоқчи Ўзбекистон электротехника саноатини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинган режага кўра, 2030 йилга бориб соҳадаги экспорт ҳажми 5 млрд долларга етказилиши керак. Ҳозир мамлакатда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилга нисбатан қарийб 9 баравар ўсиб, 43,1 трлн сўмга етган. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 65 та давлатга экспорт қилинмоқда. Айни пайтда аҳоли ишлатаётган маиший техниканинг 80 фоизи маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариляпти. Қуёш панеллари, электромобил қувватлаш станциялари, юқори кучланишли кабеллар ва иссиқлик насослари каби маҳсулотлар ҳам маҳаллийлаштирилган. Энди корхоналарга мис сотиб олиш ҳам енгиллаштирилади. Янги тартибга кўра, мис хомашёси қийматининг 25 фоизини корхонанинг ўзи, қолган 75 фоизини эса «Ўзсаноатэкспорт» тўлаб беради. Корхона бу пулни 90 кун ичида йиллик 6 фоизгача ставка билан қайтаради. Бунинг учун 50 млн доллар ажратилади. Шунингдек, Ўзбекистонга камида 50 млн доллар сармоя киритадиган йирик хорижий брендларга солиқ имтиёзлари ва тайёр бинолар таклиф қилиниши режалаштирилган. Яна бир муҳим рақам — мамлакатда мис ишлаб чиқариш ҳажмини ҳозирги 150 минг тоннадан 300 минг тоннагача ошириш кўзда тутилган. 2030 йилгача электротехника ва унга яқин соҳаларда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 млрд долларга, экспортни 5 млрд долларга етказиш ва 3 млрд доллар инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X