🔴Сенат алифбо ўзгаришларини маъқуллади ✔️33 йилдан кейин ҳам ўтиш «босқичма-босқич» Сенат лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритишни маъқуллади. Янги алифбо 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат бўлади. «Sh» ўрнига «Ş», «Ch» ўрнига «Ç», «Oʻ» ўрнига «Ö», «Gʻ» ўрнига «Ğ» ишлатилади. «Ng» эса алифбо таркибидан алоҳида бирлик сифатида чиқарилади. Сенатда бу ўзгаришлар матн териш, қидирув тизимлари ва ўзбек тилини рақамлаштиришдаги қийинчиликларни бартараф этиш зарурати билан изоҳланган. Ўтиш яна босқичма-босқич амалга оширилади. Амалдаги алифбода расмийлаштирилган ҳужжатлар ўз кучини сақлайди, пул ва қимматли қоғозлар муомалада қолади. Пешлавҳа ва кўрсаткичлардан эса эскиргунига ёки белгиланган муддатгача фойдаланиш мумкин бўлади. Ўзбекистонда лотин ёзувига ўтиш ҳақидаги қонун 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган — орадан 33 йил ўтди. Амалдаги алифбо эса 1995 йилдаги ўзгартиришлар билан тасдиқланган. Дастлаб ўтишни 2000 йилгача якунлаш режалаштирилган эди. 2021 йилда ҳам ҳукумат лотин ёзувига «босқичма-босқич тўлиқ ўтиш» бўйича қарор қабул қилган. Бу сафар ўтиш қачон якунланади ва ижроси учун ким жавоб беради?