🔴Энди ЙПХ ходими фақат йўл қоидасини эмас, жамоат тартибини ҳам назорат қилади Ўзбекистонда ЙПХ, патруль-пост ва қўриқлаш хизмати ходимларининг вазифалари кенгайтирилмоқда. Энди улар фақат ўз йўналиши билан чекланмай, зарур ҳолатда бир-бирининг айрим вазифаларини ҳам бажаради. Бу 4 сентябрь куни қабул қилинган президент қарорида белгиланган. 1 ноябрдан нималар ўзгаради? Патруль-пост ва қўриқлаш хизмати нарядлари «112» орқали жиноят ёки бошқа фавқулодда ҳолат ҳақида хабар тушса, воқеа жойига тезкор етиб боради. Бу фақат кўча ва жамоат жойларида эмас, хонадонларда содир бўлган ҳолатларга ҳам тегишли. Уларга йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳам айрим вазифалар берилади. Масалан, чорраҳа, бозор, йирик савдо марказлари, мактаблар атрофи ва марказий кўчаларда тирбандлик бўлса, патруль-пост ёки қўриқлаш хизмати ходими ҳам ҳаракатни тартибга солишда қатнашиши мумкин. Шунингдек, улар йўлда ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир бўлса, дарҳол муносабат билдириши, зарур ҳолларда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиши керак бўлади. ЙПХ ходимларига ҳам қўшимча ваколатлар бериляпти. Энди ЙПХ инспектори кўчада ёки бошқа жамоат жойида тартиб бузаётган шахсга ҳам аралашиши мумкин. У ҳуқуқбузарни таъқиб қилиш, ушлаш ва ички ишлар органига олиб бориш ваколатига эга бўлади. Бундан ташқари, ЙПХ ходими айрим маъмурий қоидабузарликлар бўйича ҳам чора кўриши мумкин. Масалан: - белгиланмаган жойга маиший ёки қурилиш чиқиндиси ташлаш; - суюқ чиқиндиларни тўкиш; - жамоат жойида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш. Яна бир янгилик — оммавий тадбирда тартиб бузган шахснинг кейинги оммавий тадбирларга киришига вақтинча чеклов қўйилиши мумкин. 24 соат ишлайдиган гастрономик кўчаларда эса жамоат тартибини патруль-пост хизмати назорат қилади. Бунинг учун ички ишлар органлари ва ҳокимликлар ўртасида шартнома тузилади. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X