🔴Аюбхон Юнусов Ўзбекистоннинг Суриядаги элчиси этиб тайинланди Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов энди Сурияда ҳам мамлакат манфаатларини ифодалайди. Элчининг қароргоҳи Кувайт шаҳрида қолади. «Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, Юнусов Сурия ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан аш-Шайбонийга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган. Учрашувда икки давлат муносабатларини фаоллаштириш, жумладан, Ўзбекистон—Сурия савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмитасини тузиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш ва юқори даражадаги ташрифларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган. Бу тайинлов Ўзбекистон ва Сурия ўртасидаги алоқалар фаоллашаётган бир пайтга тўғри келмоқда. Жорий йилда томонлар ўзаро савдони кенгайтириш, ишбилармонлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ва ҳукуматлараро ҳамкорлик механизмини ишга тушириш бўйича музокараларни кучайтирган. Хусусан, Сурия иқтисодиёт ва саноат вазирининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда Тошкентда биринчи Ўзбекистон—Сурия ишбилармонлар кенгашини ўтказиш режалаштирилган. Унда қурилиш материаллари, электротехника, тўқимачилик, енгил ва қайта ишлаш саноати каби йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилиши кутилмоқда. Июль ойида ҳам Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонасида Сурия дипломати билан учрашув ўтказилиб, икки мамлакат муносабатларини амалий лойиҳалар билан тўлдириш масаласи муҳокама қилинган эди. Аюбхон Юнусов бир вақтнинг ўзида уч давлатда — Кувайт, Ироқ ва Сурияда Ўзбекистон элчиси ҳисобланади. У 2024 йил февралдан Кувайтда элчи бўлиб ишламоқда, 2025 йил октябрда эса Ироқ президенти Абдул Латиф Рашидга ишонч ёрлиқларини топширган. Юнусов дипломатия тизимида 2003 йилдан буён ишлайди. У Тошкент ислом институти, Мисрдаги Ал-Азҳар университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Араб, рус ва инглиз тилларини билади. Аввал ТИВ марказий аппарати, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси, Жидда ва Дубайдаги бош консулхоналарда ишлаган. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X