🔴Ўзбекистонда қамоқ жазоси кўпаймоқда: ярим йилда 11,7 минг киши озодликдан маҳрум қилинди ✔️3 605 нафар шахс коррупцияга оид айбловлар билан судланган Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинаётганлар сони сезиларли кўпайган. Олий суднинг 2026 йил биринчи ярми бўйича маълумотларига кўра, январь–июнь ойларида 11 703 нафар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 2 133 нафарга ёки 22,3 фоизга кўп. Ўтган йилнинг биринчи ярмида бундай жазо 9 570 нафар шахсга тайинланган. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 2 030 нафар. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти — 1 462 нафар, Тошкент вилояти — 1 452 нафар. Энг кам кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида — 317 нафар. Шунингдек, биринчи ярим йилликда Тошкент шаҳрида 2 нафар шахс умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган. Жиноят турлари бўйича гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар учун 5 788 нафар, безорилик учун 1 789 нафар, қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар учун 179 нафар шахс судланган. Коррупцияга оид жиноятлар бўйича эса қарийб 3 605 нафар шахс судланган, шундан 779 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. ИИВ Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи ўринбосари Отабек Сатимбаев 2026 йил 11 апрелда Ўзбекистонда 49 та жазони ижро этиш муассасаси мавжудлиги ва уларда 47 432 нафар маҳкум жазо ўтаётгани ҳақида маълум қилганди. Шундан қарийб 26 минг нафари ёпиқ турдаги колонияларда, 11 мингдан ортиғи манзил-колонияларда сақланади. 2022 йилда Ўзбекистонда 54 та жазони ижро этиш муассасаси ва 29 мингдан ортиқ маҳкум борлиги маълум қилинган эди. Яъни очиқланган рақамларни солиштирганда маҳкумлар сони тўрт йил ичида қарийб 18,4 минг нафарга ёки 64 фоизга ошган, муассасалар сони эса 54 тадан 49 тага камайган. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X