Президент администрацияси бўлим бошлиғи энди Ҳисоб палатасини бошқаради Президент фармони билан Алишер Баҳодирович Самадов Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Президент Администрациясининг Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти раҳбари лавозимидан озод этилди. Самадов Президент Администрациясидаги мазкур департаментга 2025 йил 14 июлда раҳбар этиб тайинланган эди. Унга қадар Президентнинг ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб ишлаган. Ҳисоб палатаси мамлакатдаги олий ташқи аудит ва молиявий назорат органи ҳисобланади. У давлат бюджети маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши, бюджет даромадларининг тўлиқ тушиши ҳамда давлат молияси устидан ташқи аудитни амалга оширади. Палата ўз ваколатларини мустақил бажаради, Президентга бевосита бўйсунади ва Олий Мажлис палаталарига ҳам ҳисобдор. Қонунчиликка кўра, Ҳисоб палатаси раиси Президент томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади, бу ҳақдаги фармон эса Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланиши керак. Палатанинг аввалги раиси Адиз Бобоев 2024 йил январда ушбу лавозимга тайинланган, аммо ўша йил ноябрда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб ўтказилган эди. Шундан кейин Ҳисоб палатаси расмий сайтида раис лавозими вакант сифатида кўрсатиб келинган. Сўнгги йилларда Ҳисоб палатасининг ваколатлари ҳам кенгайиб бормоқда. Жумладан, 2026 йилда бюджет жараёнига киритилган ўзгартишларга кўра, Ҳукуматнинг Давлат бюджети ижроси бўйича ҳисоботлари Қонунчилик палатасига аудит хулосаси билан бирга киритилиши белгилаб қўйилди. Қисқаси, Президент Администрациясида ҳуқуқий экспертиза учун масъул бўлган Алишер Самадов энди давлат маблағлари сарфи ва бюджет ижроси устидан ташқи назорат олиб борувчи асосий органга раҳбарлик қилади. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X