🔴АҚШда Трамп тасвирланган 1 долларлик танга чиқарилди ✔️Қарийб 100 йиллик анъана бузилди ва мамлакатда амалдаги президент яна тангада акс этди АҚШ Танга зарб қилиш идораси президент Дональд Трамп тасвирланган янги 1 долларлик тангани сотувга чиқарди. У АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан тайёрланган махсус тангалар қаторига киради. Танганинг бир томонида Дональд Трампнинг сурати ҳамда «Озодлик» (Liberty), «Биз Худога ишонамиз» (In God We Trust) ва «1776–2026» ёзувлари туширилган. Иккинчи томонида АҚШ президентининг расмий муҳри, 250 рақами ва «Бир доллар» ёзуви бор. Танга олтиндан тайёрланмаган. У мис, рух, марганец ва никель аралашмасидан зарб қилингани учун тилларанг кўринишга эга. Янги танга шунчаки эсдалик буюми эмас — у АҚШда қонуний тўлов воситаси ҳисобланади. Яъни уни белгиланган 1 долларлик қиймати бўйича тўлов учун ишлатиш мумкин. Бироқ ҳозирча тангалар асосан танга тўпловчилар учун махсус ўрам ва қопларда сотилмоқда. 25 та танга солинган, жами қиймати 25 доллар бўлган бир ўрам 61 доллар, 100 та танга солинган қоп эса 154,5 доллардан сотувга қўйилган. АҚШ Мустақиллик куни — 4 июлда Филадельфияда яна 250 минг дона махсус танга зарб қилинган. Уларда 4 июлга ишора қилувчи алоҳида белги мавжуд. Трампнинг ҳали президентлик лавозимида турган пайтида АҚШ тангасида тасвирланиши баҳсларга ҳам сабаб бўлди. Чунки мамлакатда тирик инсонларни пулда тасвирламаслик бўйича узоқ йиллик анъана мавжуд. Бироқ Трамп АҚШ тарихида бундай тангада тасвирланган биринчи амалдаги президент эмас. 1926 йилда президент Калвин Кулиж АҚШ мустақиллигининг 150 йиллиги муносабати билан чиқарилган ярим долларлик тангада акс эттирилган. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X