🔴Москвага учган Uzbekistan Airways самолёти Тошкентга қайтиб келди 3 сентябрь куни Тошкентдан Москвага йўл олган Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY603 рейси Россия ҳаво ҳудудида жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабаб ортга қайтди. Рейс Тошкент — Москва (Домодедово) йўналишида амалга оширилаётган эди. Экипаж вазиятни ҳисобга олиб, самолётни Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга қайтаришга қарор қилган. Uzbekistan Airways онлайн таблосига кўра, HY603 рейсининг Тошкентдан режали учиш вақти 08:10 бўлган. Парвоз Boeing 787-8 Dreamliner самолётида амалга оширилгани хабар қилинмоқда. Рейснинг қайтиши Москва авиаузелидаги чекловлар фонида юз берди. Россия авиация маъмурияти 3 сентябрь куни Домодедово ва Шереметьево аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва жўнатишга вақтинчалик чекловлар киритилганини маълум қилди. Чекловлар Москва ва Москва вилоятига учувчисиз учиш аппаратлари ҳужуми хавфи билан боғлиқ. Тунда Москва томон йўналган дронлар уриб туширилгани ҳақида ҳам хабарлар берилди. Бу вазият нафақат Ўзбекистон рейсларига таъсир қилмоқда. Сўнгги икки кун давомида Москва аэропортларида ўнлаб рейслар бекор қилинган ёки кечиктирилган. Шу сабаб Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларига учиши режалаштирилган йўловчиларга аэропортга йўл олишдан олдин рейс ҳолатини текшириб туриш тавсия этилмоқда. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X