🔴Ўзбекистон муфтийси фатво соҳасидаги хизматлари учун халқаро мукофот олди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар Миср пойтахти Қоҳирада Имом Қарофий номидаги «Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун» халқаро мукофоти билан тақдирланди. Мукофот Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти томонидан фатво соҳасини ривожлантириш, замонавий масалаларга шаръий ечимлар ишлаб чиқиш ва мўътадиллик тамойилларини тарғиб этишга ҳисса қўшган уламолар ва диний институтларга берилади. Уни таъсис этиш ҳақида 2019 йилда қарор қабул қилинган. Мукофот XIII асрда яшаган машҳур ислом ҳуқуқшуноси Имом Шиҳобуддин ал-Қарофий номи билан аталади. Аввалги йилларда ушбу мукофот Сингапур муфтийси Назируддин Муҳаммад Носир ва Сингапур Фатво қўмитаси, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Аллоҳшукур Пошозода, Босния ва Герцеговина бош муфтийси Ҳусайн Кавазович ҳамда Чад бош муфтийси Аҳмад ан-Нур Муҳаммад ал-Ҳилуга берилган. 2026 йилги мукофот Ўзбекистон муфтийси Нуриддин Холиқназарга топширилди. Қоҳирадаги маросимда Ўзбекистонда Фатво марказининг ишга туширилиши, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ва мўътадилликни тарғиб қилишга қаратилган ташаббуслар ҳам қайд этилди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X