ПРЕЗИДЕНТИМИЗ «РАҚАМЛИ ДАВРДА ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ» ХАЛҚАРО ДАСТУРИНИ ТАКЛИФ ЭТДИ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Остона шаҳрида ўтказилган Ақаба жараёни доирасидаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сунъий интеллект соҳасида хавфсизлик масалаларига бағишланган учрашувида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбари сунъий интеллект имкониятларидан билим ва маърифатни кенг тарғиб этиш, тинчлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази негизида «Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди. Дастур кўп тилли ахборот ресурсларини яратиш, диний арбобларни замонавий ахборот муҳитида фаолият юритишга тайёрлаш ҳамда ислом динининг инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этаётган ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу ташаббус Марказни нафақат бой тарихий ва илмий меросни намоён этувчи маскан, балки замонавий технологиялар воситасида маърифат ва бағрикенглик ғояларини халқаро миқёсда тарғиб этувчи муҳим илмий-маърифий майдон сифатида ривожлантиришга хизмат қилади. Telegram | YouTube | Instagram | Facebook | X|iccu.uz