Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим ташаббусларни белгилаб берди. Жорий йилда вилоятга 3,5 миллион нафар хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда. Келгусида ушбу кўрсаткични икки баробарга ошириш мақсад қилинган. Бунинг учун Бухоронинг бой тарихий ва маданий меросини ягона туристик йўналишга бирлаштириш режалаштирилмоқда. Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий масканлар ягона туризм концепцияси асосида боғланади. Бухорода янги туристик масканлар ва замонавий инфратузилма барпо этилади: ▪️ Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда 80 миллион долларлик туризм маркази ташкил этилади. Унда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар жойлашади. ▪️ Жалол Икромий маҳалласида халқаро тадбирларга мўлжалланган 60 миллион долларлик конгресс-холл қурилади. ▪️ Конгресс-холл ёнида «Hilton» ва «Holiday Inn» брендлари остида иккита замонавий меҳмонхона барпо этилади. ▪️ Бухоро шаҳрининг саккизта марказий кўчаси миллий ва замонавий меъморий ечимлар асосида қайта обод этилади, олтита хиёбон ташкил қилинади. ▪️ Бухоро туманида 1 минг гектар майдонни қамраб олган, 500 миллион долларлик йирик туризм кластери барпо этилади. Транспорт инфратузилмасининг ривожланиши ҳам Бухоронинг туристик жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Янги халқаро аэропорт, замонавий автомобиль йўллари ва кенгайтирилаётган авиақатновлар сайёҳлар учун қулайлик яратади. Туркиянинг «Pegasus» авиакомпанияси Бухорога тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда. Келгуси йилда Малайзия, Индонезия, Қувайт, Миср ва Баҳрайн билан авиақатновларни бошлаш режалаштирилган. Telegram | YouTube | Instagram | Facebook | X|iccu.uz